24.09.2025

Maqola

ЎРНИНГИЗНИ ТАРК ЭТМАНГ!

Қурайш Бадр ғазотидан катта йўқотишлар билан чиқди. Ислом уларнинг кибрларини тупроққа белади. У ерда душман бошлиқларининг намоёндалари ўлдирилди. Шунинг учун ҳам Уҳуд ғазоти бу сафар ҳам ҳақ ва ботил тўқнашувидан ҳоли бўлмади. Қасос туйғуси Қурайшни тинч қўймас эди. Мусулмонлар эса шу куни Ислом тарихидаги энг ибратли дарслардан бирига йўлиққан эди.

Набий алайҳиссалом Холид ибн Валид бошчилигидаги Қурайш қўшининг ўнг қаноти ҳақида ўйлар эканлар, Холид ўз отлиғи билан тоғ орқасидан зарба бериб, мусулмонлар душман қуршовида қолиб кетишидан хавфсирадилар. Шу сабабли тоғ устига етмиш камончини жойлаштирдилар ва қатъий оҳангда: Агар бизни мағлубиятга учраётганимизни кўрсангиз ҳам бизга ёрдамга ошиқманг, агар ғалабага эришганимизни кўрсангиз ҳам бунда бизга шерик бўлишга интилманг. Ҳаргиз ўрнингизни тарк қилманг, дея буйруқ бердилар.

Жанг бошланди. Жангда мусулмонлар қўли баланд кела бошлади. Қурайш Бадрда йўлиққан баъзи азобларни кўргач қўшин қоча бошлади. Мусулмонлар эса уларни қува кетишди. Буни кўрган тоғдаги камончилар жанг ниҳоясига етди, деб ўйлашди ва ўлжалардан ўз насибаларини олиш учун пастга тушишди. Шу вақтда Набий алайҳиссалом қўрққан иш юз берди. Холид ўз отлиғи билан зарба берди, мусулмонлар душман қуршови остида қолди.Ғалаба эса мағлубиятга айланиб кетди. Билинг-ки: Бу уммат мудом Набиййи ва бошлиқларининг буйруқларини маҳкам тутмас экан, ҳаргиз ғалабага етмайди.

Ўшанда Уҳуд ғазоти тугаган бўлса ҳам, мусулмонлар орқасини ҳимоя қилиб турган камончилар вазифаси ҳали тугамаган эди. Бас, бор кучи билан ушбу динни ҳимоя қилаётганларга Жаннат бўлсин. Улар ҳар сафар озгина заифлик тутганида, ичларидаги Набий алайҳиссаломнинг “ўрнингизни тарк этманг!”- дея қилган нидоси овози билан кучга тўлсинлар.

Ўрнингизни тарк этманг!

Фарзандларини намоз, рўза ва гўзал ахлоқ устида тарбиялаётган оналар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Фарзандларидан мактаб баҳоларига ўхшаш ҳар жабҳаси ҳақида сўроқлаётган оталар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Агар бу авлод яхши тарбияланса, яна улардан Абу Бакрлар, Умарлар, Усмонлар, Алийлар чиқишига ишонадиган устозлар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Ишларини виждон билан, бошлиқларидан олдин Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиб адо этаётган вазифадорлар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Шубҳали сифатлар, ҳийла-найрангларсиз йўллару, кўприкларни қураётган муҳандислар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Фарзандларининг тарбияси учун ўзини таёрлаётган иффатли қизлар! Сизлар бизнинг ортимизни ҳимоя қилиб турибсизлар. Шундай экан ўрнингизни тарк этманг!

Адҳам Шарқовийнинг Адҳам Шарқовийнинг “ала минҳажуннубувва” китоблари асосида ФАРХОД Тожиддинов тайёрлади.

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси.