ГЎЗАЛ ХУЛҚ
ГЎЗАЛ ХУЛҚ
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мезонда гўзал хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин Арабистон ярим оролида яшовчи халқлар ҳеч бир динга эътиқод қилишмас эди. Яккахудолик тушунчаси бўлмагани учун одамлар Аллоҳ таолога эмас, ўзлари тошлардан, ёғочлардан ясаб олган бут-санамларга (ҳайкалларга) ибодат қилишарди. Улар бу бут-санамлар фойда ҳам, зарар ҳам бера олмаслигини билишса-да, уларга сиғиниб, сажда қилаверишар эди.
Ана шундай жоҳилият даврида зулм, фисқу фасод жуда кенг илдиз отган эди. Кучлилар кучсизларни енгар, бойлар камбағалларни эзар, қўшнилар бир-бирига ёмонлик қилар эди, ўғрилик, талончилик ниҳоятда авж олган эди.
Маст қилувчи ичимликларни тап тортмай ичишар, ҳамма бир-бирини алдар, ёлғон гапирар, ёлғон гувоҳлик берар эди. Қариндошлар етимларнинг ота-онасидан мерос бўлиб қолган мол-мулкини талон-торож қилиб, ўзларини қаровсиз, қашшоқ ҳолда ташлаб қўйишар эди. Энг ёмони шуки, қиз фарзанд туғилса, бундан ор қилишар, ҳали эсини таниб улгурмаган қизалоқларни дод-фарёдига қарамай, тириклайин кўмиб юборишарди.
Бутун дунё инсониятни мана шундай аламли изтироблардан, жабру ситамлардан қутқарадиган бир нажоткорга, халоскорга муҳтож эди. Арабистон ярим ороли гўё қалбсиз, виждонсиз яшаётгандек эди. Заифлар ноҳақ калтакланар, озод инсонлар қулга айлантирилар, етимларнинг мол-мулки талон-торож қилинар эди.
Арабистоннинг Макка шаҳрида туғилган, Қурайш қабиласидан чиққан, халқ орасида энг ишончли инсон сифатида танилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ мана шу адолатсизликларни қандай йўқотишни ўйлаб, одамлардан узоқда, Ҳиро ғорида ибодат қилар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги каломи бўлмиш Қуръони Каримнинг илк оятини Муҳаммад алайҳиссаломга олиб тушди. Бу оят «Иқро», яъни «Ўқинг!» деб бошланган эди. У зот алайҳиссалом Аллоҳнинг оятларини ўқидилар, шу заҳоти покиза қалбларида Аллоҳнинг нури зиёда бўлди. Бу табаррук зот ўзларининг гўзал хулқлари билан қисқа муддат ичида инсониятни жаҳолатдан маърифатга, зулматдан нурга олиб чиқдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларини:
«Сиз буюк хулқ эгасисиз!» дея мақтади (Қалам сураси, 4-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман», деганлар (Имом Баззор ривояти, Имом Аҳмад бошқа лафз билан ривоят қилган).
Ислом дини инсонлар ҳаётига кириб келган кундан бошлаб уларни гўзал хулқ соҳиби бўлишга чақириб келмоқда. Аллоҳ таоло намоз, закот, рўза, ҳаж каби ибодатларни ҳам инсонларни тарбия қилиш учун, ҳар бир инсон икки дунё бахт-саодатига эришиши учун фарз қилган. Ана шу фарзларни ихлос билан адо қилиш – энг гўзал хулқдир. Бу бахтга гўзал хулқи бор инсонгина эришади. Хулқи ёмон одам бундай бахтдан маҳрум бўлади, чунки ёмон хулқли кимса Аллоҳнинг амрига итоат қилмайди. Бундай одам дарҳол Аллоҳга тавба қилиши, мағфират сўраши керак бўлади. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг ғазабига, азобига йўлиқади.
Ислом дини ато этган гўзал ахлоқ туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ёмонликлар ботқоғидан қутқариб олдилар. Кечагина гуноҳларни ошкора қилиб юрган, бир-бирига зулм қилган, ёлғон гапирган, бир-бирини ўлдириб юрган халқ, иймон нури ила бир-бирига меҳр улашадиган, ўзаро муҳаббатли, гўзал ахлоқли умматга айланди.
Хулоса :Аллоҳ таоло ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизни гўзал хулқли бўлишга ундамоқда. Агар биз гўзал хулқли бўлсак, Аллоҳ таоло бизни яхши кўради, атрофимиздаги одамлар ҳам яхши кўришиб бориб, бора-бора ер юзидаги энг яхши жамиятга айланади. Ана шунда барча инсонлар бир-бирларининг ҳақларига риоя қиладилар.
УЗ
РУ
EN
العربية