КЎКРАГИГА «АЛ-ҚУРЪОН», ДЕБ ЁЗИЛГАН ЗОТ
КЎКРАГИГА «АЛ-ҚУРЪОН», ДЕБ ЁЗИЛГАН ЗОТ
Имом Ҳамза Зайёд роҳимаҳуллоҳ куфалик бўлиб, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг дўсти бўлган. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ у зотни шундай мақтаган: «Эй Ҳамза! Икки нарсада биздан устунсиз: Қуръони Каримда ва мерос илмида». Мерос илми фиқҳий илмлардан саналади. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса фиқҳ илмининг султони бўлган. Шунга қарамай, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мерос илмида Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳнинг тенгсиз эканини эътироф этган. Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳга ҳам ғайбий неъматлардан бири ато қилинган эди.
Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳ вафот этганида ғассоллар ювиш учун кирадилар. Шунда Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳнинг кўкракларида бармоқ бўғимининг ярми миқдорида кўк ва яшил рангда танасидан бўртиб чиққан «Ал-Қуръон» деган ёзувга кўзлари тушади! Ривоятда «кўк ва яшил ранг» экани айтилади. Бу ранг бизнинг дунёимизда бўлмаган кўк ва яшил ранглар оралиғидаги ажойиб ранг эди! Ғассоллар буни кўриб, шошиб қоладилар. Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳнинг оиласини чақирдилар, қўшнилар, маҳалла-кўй, ҳатто бутун Куфа аҳолиси келиб, мазкур мўъжизани кўрадилар. Эҳтимол, Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳнинг Қуръони Каримга бўлган муҳаббати сабабли Аллоҳ таоло у зотнинг кўкрагига Қуръони Карим муҳрини босиб, гўё:
«Сен ҳақиқий Қуръонсан, эй Ҳамза», деган эди! Бундан ҳам катта каромат борми?! Балки ғассоллар кўрган бу муҳр анча олдин босилгандир, муҳр эгаси уни сир тутгандир! Имом Ҳамза роҳимаҳуллоҳга берилган ғайбий неъматлардан яна бири шундаки, у киши дафн қилингунча жасадидан ҳар соатда ҳар хил хушбўй ҳид таралиб турган. Маййит билан хайрлашиш учун кирган ҳар бир инсон ўзгача ҳиддан баҳраманд бўлиб чиқар эди. Уларнинг эътироф этишларича, бу ҳиднинг ўхшаши бу дунёда йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда:
«من مات على شيء بعثه الله عليه» (رواه أحمد).
«Ким қайси нарсада ўлса, ўша нарсада тирилади», дейилган (Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ривояти).
Мисол учун, ҳожилар талбия айтаётганда вафот этса, Қиёматда ҳам талбия айтиб, эҳромда тирилади, деймиз. Қорилар ҳам шундай. Қуръони Каримда яшаган қориларнинг охирги амали ҳам Қуръони Карим бўлади.
Имом Нофеъ роҳимаҳуллоҳнинг вафоти ҳақида Қолун исми билан машҳур бўлган Исо ибн Мино роҳимаҳуллоҳ шундай ривоят келтирадики: «Имом Нофеъ роҳимаҳуллоҳнинг ёнига кирдим. Устозимиз ўлим тўшагида ётган эди. Устознинг фарзандлари васият сўраётган экан. Имом Нофеъ роҳимаҳуллоҳ уларга васият тариқасида қуйидаги оятни ўқиди:
«يسألونك عن الأنفال قل الأنفال لله والرسول فاتقوا الله وأصلحوا ذات بينكم وأطيعوا الله ورسوله إن كنتم مؤمنين»
«Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинглар!» (Анфол сураси, 1-оят). Мазкур оятни ўқибоқ вафот этди».
Имом Нофеъ роҳимаҳуллоҳнинг бу дунёдаги энг охирги сўзи ва нафаси ҳамда Аллоҳ таоло билан учрашишининг энг аввалида Қуръони Карим ояти бўлди. Чунки Имом Нофеъ роҳимаҳуллоҳ Қуръони Карим билан яшади. Охирги сўзи ҳам Қуръони Карим бўлди
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Тохиржонов Мухаммадризо
УЗ
РУ
EN
العربية