ҚУРЪОН ЎҚИБ, ЮКСАЛИШ
ҚУРЪОН ЎҚИБ, ЮКСАЛИШ
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
اَلْحَمْدُ لِلّٰهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ الْقَائِلِ فِي كِتَابِهِ الْعَزِيزِ: «وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً»
وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الْقَائِلِ فِي قَوْلِهِ
الشَّرِيفِ: «خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ»
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ўзининг азиз Китоби — Қуръони Каримда: «Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!» (Муззаммил сураси, 4-оят), деб марҳамат қилган оламларнинг Рoбби Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Ўзининг ҳадиси шарифида: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръони Каримни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир», деб марҳамат қилган Саййидимиз ва Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин!
Муҳтарам қорилар! Қуръони Каримни ўрганиб ва ўргатиб, энг яхши банда бўлишни, Қуръони Каримни маҳорат билан қироат қилиб, Аллоҳ таолонинг мукаррам фаришталари билан бир мақомда бўлишни ҳамда Аллоҳ таолонинг аҳли ва танланган бандалари қаторига киришни, шунингдек, Қуръони Каримни тартил билан ўқиб, унга амал қилиб ва унга мувофиқ ҳаёт кечириш орқали жаннатдаги энг юксак мақомга эришишни истаган ҳурматли мўмин-мусулмон биродарлар! Юқорида келтирилган, Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган биринчи ҳадис орқали Қуръони Карим таълими. Рисоламиз тартибига риоя қилган ҳолда ушбу ҳадис шарҳида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганамиз.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرْآنِ: «اقْرَأْ وَارْتَقِ وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا، فَإِنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَأُهَا» (رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَه وَأَحْمَدُ، وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ).
Маъноси: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: «Қуръони Карим соҳибига шундай деб айтилади: «Ўқи ва кўтарил ҳамда дунёда тартил билан ўқиганингдек, тартил билан ўқи! Зеро, сенинг даражанг сен охирги ўқиган оятингда бўлади» (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад роҳимаҳуллоҳлар ривоят қилишган. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ бу ривоятни «Ҳасан саҳиҳ ҳадис», деган).
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрни фатҳ қилган машҳур саҳобий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғлидир. Ислом тарихида Абдуллоҳ исми билан танилган ва илмда етук бўлган тўртта улуғ саҳоба мавжуд: Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳулар. Улар «тўрт Абдуллоҳ» номи билан эсга олиниб, тўрталаси ҳам аҳли Қуръон сифатида эътироф этилади. Ушбу ҳадиснинг ровийси ҳам мазкур Абдуллоҳлардан бири саналади.
«Шундай деб айтилади», яъни охиратда мўминлар жаннатга киргандан сўнг жаннат аҳли учун мақомлар берилаётган пайтда Қуръон соҳибларига айтилади.
Хаттобий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида шундай деган: «Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг биргина ҳарфини ўрганган бандани ҳам алоҳида мукофотлайди. У ҳам мукофотсиз қолмайди, шу ҳадисда келган мартабага эришади».
Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳнинг улуғ устозларидан Имом Доний роҳимаҳуллоҳ шундай ҳадисни ривоят қилади: «Жаннат даражалари Қуръони Карим оятларининг ададига қараб белгиланади». Қуръони Карим Ҳафс роҳимаҳуллоҳ ривоятига кўра, олти минг икки юз ўттиз олтита оятдан иборатдир. Жаннатнинг даражалари ҳам шу оятларнинг сонига мос бўлади.
Уламолар иттифоқ қилиб айтишганки, жаннатдаги даражаларда юксалиш учун амал бўлиши шарт. Агар қори Қуръони Каримга амал қилмаган бўлса, мазкур даражаларга кўтарила олмайди. Амал қилганлар эса Қуръони Каримни тўлиқ ёдламаса ҳам...даражаларга кўтарилади. Зеро, саҳобалар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида Қуръонни тўлиқ ёдламаганлари кўп бўлган, лекин уларнинг барчаси Қуръонга амал қилган.
Имом фахриддин ар Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси Тохиржонов Мухаммадризо
УЗ
РУ
EN
العربية