23.09.2021

Илмни диний ёки дунёвийга ажратилмайди, балки барча илмларнинг асоси диндадир, яъни барча фанлар Қуръони Каримдан олинган.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир-роҳийм.

“Илм” – ўзи нима?, деган саволга "Хақиқатни воқеъликдагидек идрок қилиш илмдир"., дея жавоб берган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ.

Бугунги кунда диний илм, дунёвий илм деган сўзларни ишлатаётганлар бир нарсани тушунишимиз керак. Аждодларимиз илмларни диний ё дунёвий деб ажратишмаган. Биз бугунга келиб, диний илмлар ва дунёвий илмлар деган масалаларни кўтаряпмиз, аслида бир бунга бошқачароқ қарасак, ўринлироқ бўларди. Дин билан илмни, эътиқодимизга қарши қўйиш нотўғридир. 

Аллоҳ таоло Қуръонда 779 марта илм калимасини ишлатган яъни илмга тарғиб қилган. Мисол учун Қуръони каримнинг биринчи сураси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хиро тоғида тушган “Иқро” сурасининг бошидаги 5-ояти: 1. “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! 2. (У) инсонни лахта қондан яратди. 3. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. 4. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. 5. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”., дейилган. Бундан ташқари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳақида бир қанча ҳадислари бор. Масалан: “Ҳар бир мўмин мусулмон кишига бешикдан то қабргача илм излаш фарздир” деганлар. Яна бошқа ҳадисларида эса “Бир соатгина илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхши, бир кунлик дарс эса уч ой тутилган нафл рўзадан афзал” деганлар. Қани шу ўринда илмни дунёвийга ажратаётганлар айтсин қайси дунёвий китобда илмга бунчалик тарғиб бор?...

"Биз Имом Ал-Бухорий ва Имом Ат-Термизийлар билан бир қаторда Ибн Сино, Улуғбек, Беруний, Хоразмий, Замаҳшарийлар авлоди эканлигимиз билан ҳам фахрланамиз ва бунга ҳақлимиз. Лекин улар дин олими бўлганмилар?, ёки дунё олимими деган ҳаёлга боришнинг ўзи нотўғри бўлади. Аслида бизнинг юртимиздан ўтган даврларда шунчалар кўплаб олими-уламоларнинг чиқиши ва дунёга устозлик қилганликларининг энг катта сабабларидан бири Боболаримиз ҳаммалари олдин ёшлигидан Қуръонни ёд олишган. Диний тарбия олишган, яъни динни пуҳта ўрганишган. Мисол учун Мирзо Улуғбекнинг "Зижи жадиди кўрагоний" китоблари ҳақида кўп гапирамиз. У зот ушбу оламшумул китобларини нима билан бошлаганлар? "Осмонларда буржларни яратган, Ой ва Қуёшни яратган Аллоҳ таоло айбу нуқсонлардан покдир, улуғдир муаззамдир" деган маънони берувчи Қуръон ояти билан бошланган. "Биз Мирзо Улуғбекнинг авлодимиз", деб мақтанар эканмиз, қачон эътиқодимиз ҳам мустаҳкам бўлади", ёки бобомизга қачон лойиқ невара бўламиз? Ҳатто Амир Темур бобомизнинг “Темур тузуклари” китоби ҳам “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила” бошланган бўлиб, Амир Темур ҳам Қуръонсиз бир куни ўтмаган.  Чунки ҳақиқий ҳақиқат шуки дунё динсиз бўлмайди! Ёки дунё динсиз турмайди!...

Ўтган асрнинг машҳур олимларидан бири Пастор шундай деб ёзади: “Имон ҳеч қандай тараққиётга тўсқинлик қилмайди. Чунки ҳар бир тараққиёт Худонинг яратган нарсаларидаги ажойиботларни очиб беради. Агар мен бугун кечагидан кўра илмлироқ бўлсам, Аллоҳга бўлган ишончим ҳам кечагидан мустаҳкамроқ бўлади”.  Баъзи бир чаласавод кишилар илмли одам динсиз бўлади, кишининг илми қанча кўпайса, унинг динсизлиги ҳам шунча ортади деб ўйлайдилар. Ҳақиқатда эса ҳеч бир замонда илм ўз эгасини худосизликка олиб бормаган. 

Машҳур доктор Андрей Кунавиндан бир киши: “Эшитишимча, кўпгина олимлар динсиз бўлар эмиш, шу тўғрими?”- деб сўраганида. “Менимча, бу фикр тўғри эмас. Аксинча, мен илмий ишларим жараёнида, баҳсларда шуни тушуниб етдимки, илм майдонида шуҳрат қозонган улкан олимлардан ҳеч бири динсиз бўлмаган. Лекин одамлар уларнинг гапларини нотўғри тушунганлар”, деб жавоб берган.

Машҳур геолог, Сарбон дорилфунининг олими Эдмон Герберт: “Илм динсизликка ёки иккиланишга олиб бориши мумкин эмас”, деб айтади.

Машҳур инглиз файласуфи Франсис Бэкон: “Инсон фалсафадан озгина хабардар бўлса, динсизликка яқинлашади. Аммо фалсафани чуқур урганган киши эса динга қайтиб келади”, деган.

Доктор Альберт Макоб: “Илмий ишлар билан шуғулланишим Аллоҳга бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Ҳаттоки аввалгидан кўра мустаҳкамроқ, асослироқ бўлишига олиб келди. Ҳеч шубҳа йўқки, илм албатта инсонда Аллоҳнинг кудратини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Инсон ўз илмий ишларида янгилик қилгани сари Аллоҳга бўлган имони ҳам кучайиб бораверади”, деган эди. 

Ҳатто Машҳур Эйнштейн: “Аллоҳга бўлган имон илмий изланишларнинг энг улкан самарасидир”, деб айтган.

Ҳазрат Алишер Навоий ўз даврларида мавжуд бўлган илмий маълумотларни киритиш билан бирга эътиқодий масалаларни ҳам биргаликда берганлар. Бу дегани ҳозир ҳам ёшларимиз илм-маърифатга қанчалик чанқоқ бўлса, уларни ҳар томонлама қуроллантириш асосий вазифамиз бўлиши керак. Уларни шундай ўқитишимиз керакки, олган билимлари диний эътиқодларига зид келмасин. 

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, диний эътиқод билим билан мустаҳкамланиши керак. Шунинг учун ҳам болалар кичиклигидан ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борадиган бўлишса ва катталарни ҳурмат қилишни ўрганиб катта бўлишса, нафақат нур балки нур устига аъло нур бўларди. Яъни келажакда авлодларимиз, фарзандларимиз дунё ва охиратда бахт-саодатга эришардилар.

 

 

 

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти АРМ раҳбари:                                             Раҳматулла Машарипов

Izoh qoldirish

Izohlar